СЕМИНАР-ТРЕНИНГНИНГ НАВБАТДАГИ РАУНДИДАН РЕПОРТАЖ

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 январдаги 107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 апрелида бошланган маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли мавзусида ўтказиб келинаётган семинар-тренингнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги масъуллари онлайн тарзда иштирок этди.

Семинар тренингда сўзга чиққан Судьялар олий мактабининг Маъмурий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Дилмурод Артиков Маъмурий судлар ривожланиш тарихининг 4 босқичи, Маъмурий судларнинг қандай ваколатларга эгалиги, Маъмурий судлар маъмурий орган қарорининг қонунийлигини текширишда нималарга эътибор қаратиши хусусида мазмунли нутқ сўзлади ва амалиётдаги муаммоларни оддий мисоллар билан тушунтириб берди.

Шунингдек, семинар давомида бошқа сўзга чиққан маърузачилар ҳам, иштирокчилар ҳам фаол бўлишди. Шу сабабли бугунги тренингни самарали ўтди десак бўлади. Чунки, интелектуал мулк соҳасига оид бир қанча муаммоларнинг хусусан, судларда иш кўриш билан боғлиқ масалаларнинг аниқ ечимларига қаратилган фикрлар билдирилди.
Айниқса, апелляция кенгашларида ишларни кўришда вужудга келаётган моддий ва процессуал муаммолар бўйича ўзаро фикр алмашилиб, айнан нималарга эътибор қаратилиши англашиб олинди.

Интеллектуал мулк соҳасига оид ишларни кўришда халқаро ҳуқуқ нормаларига эътибор қилиниши хусусан, ўзга шахсларнинг брендларини ўзлаштириб олиш ҳолатларига қарши курашишни янада кучайтиришга шунингдек, Ўзбекистоннинг ўзининг маҳаллий брендларини ривожлантиришга эътибор қилиниши бўйича фикрлар алмашилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи Абдулла Раҳимов йиғилганларнинг ҳаммага маълум тавор белгилари, таниқли, айниқса машҳур инсонларнинг номи билан жамаот манфаатларига зид бўлган номларни қайтариш бўйича саволларига аниқ тушунтиришлар бериб ўтди.