ҲАЛОЛЛИК ВА ПОКЛИК -АДОЛАТНИНГ САОДАТЛИ ЙЎЛИ

        Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари, суд фахрийлари, Судьялар олий мактаби тингловчилари-бўлажак судьялар, шунингдек суд тизими ходимлари иштирок этган ушбу манавий-маърифий тадбирда қонун устуворлиги, ижтимоий адолатни таъминлаш учун қонунларни пухта билиш ва тури қўллашдан ташқари судьядан ҳалол ва поклик, манавий баркамоллик хам талаб қилиниши, манавияти юксак, иродаси мустаҳкам инсон адолатсизликка йўл қўймаслиги ҳақида батафсил сўз борди. Зеро, Давлатимиз раҳбари таъбирлари билан айтганда, «адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар, манавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат булмайди».
        Айрим судьяларда айнан манавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли суд тизимида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, таъмагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учрамоқда. Тадбирнинг аҳамияти ҳам шундаки, суд ҳокимиятини том маънода адолат қўрғонига айлантиришга кўмаклашишдир. Истеъдодли ижодкор томонидан тўғри таъкидланганидек, судьялар ва суд ходимлари адолат йўлидан четга чиқмай юриши учун бадиият билан ошно бўлиши лозим. Бунда эса, китоб ва китобхонлик ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Инсон қалбини англаши учун бадиий асарлар мутолаасидан яхши восита йўқ. Шундагина инсоннинг, хусусан, суддаги тарафларнинг рухий кечинмаларни тушуниш, изтиробларини ҳис қилиш мумкин. Бу эса асосли, адолатли ва қонуний қабул қилинишида муҳим ОМИЛ ҳисобланади. Унутмаслик керак-ки, ўқишдан тўхтаган киши фикрлашдан тўхтайди. Китоб жамият ҳаётидаги муносабатларнинг бадиий шаклдаги ифодаси.
        Шуни таъкидлаш ўринлики, кейинги вақтларда Судьялар олий кенгашида турли соҳа вакиллари, хусусан адабиёт соҳаси вакиллари билан учрашувлар ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. Албатта бу жуда ҳам муҳим. Бугунги кунда биз судьялардан ҳар бир қароримизда халкимиз факат адолатни кутмокда. Тадбирда таъкидланганидек, адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва манавий фазилатларга эга бўлган судьялар корпусини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади.
        Шу маънода бугунги каби ижодий учрашувлар судьялар, бўлажак судьялар учун жуда ҳам муҳим. Чунки ижодкорлар билан ўтказиладиган тадбирлар иштирокчиларга олам-олам завқ бериши шубҳасиз. Учрашув жараёнида иштирокчилар Усмон Азимнинг асарларидаги қаҳрамонлар ҳақида ўзлари қизиққан саволларни сўради, фикрини билдирди. Ушбу тадбир давомида адабиётга, санъатга ошуфталик туйғуси турмуш ташвишлари сабаб китобдан сал бўлсада узоқлашган айрим иштирокчиларнинг ҳам кўнглида яна китобга бўлган меҳрни алангалатгани шубҳасиз. Чунки, маънавияти бой инсон адашишдан йироқ бўлади. Ақли, фаросати унга тўхри йўл кўрсатади. Шу жиҳатлар ҳисобга олиниб Судьялар олий кенгаши томонидан сўнгги йилларда бу каби ижодий учрашувлар ва тадбирлар мунтазам ташкил қилиниши мамлакатимизда одил судловни таъминлашга қодир судьялар корпусини шакллантиришда муҳим омил бўлади.
     – Бугун шоир Усмон Азим билан бўлган учрашувдан ўзим учун кўп маънавий бойликлар олдим, дейди Судьялар олий мактаби тингловчиси Дилбар Чориева. — Чунки, Усмон Азим сингари ёзувчилар кўп китоб ўқиганлиги сабабли уларда гапни етказиб бериш қобилияти кучли бўлади. Шунингдек, улар ўзи иштирок этаётган даврага қандай фикр ва маънавий тарбия бериши кераклигини ҳам дарҳол англашади. Шоирнинг катта хаётий тажрибаси ва ижодий жараёнлар ҳақидаги фикрлари менда чуқур таассурот қолдирди. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак тадбирда иштирок этган барча иштирокчилар ўзлари учун манавий жиҳатдан катта озуқа олдилар. Грузиянинг В.Маяковский номидаги Давлат мукофоти ҳамда «Дўстлик» ордени соҳиби Усмон Азим жонли ва самимий ўтган тадбирда инсон саодати унинг ҳалол ва поклигига боғлиқ экани, бу ғоя унинг барча асарларида акс этгани, адолат ҳаётнинг бош маъноси, тараққиётнинг таянч нуқтаси эканини таъсирли мисоллар билан ифода килди.

Тошкент туманлараро маъмурий суди раис ўринбосари:  Д.ТОШЕВ