СОЛИҚ ОРГАНИ ЖАМИЯТ ҲИСОБ РАҚАМИДАН ИНКАССО ТОПШИРИҚНОМАСИГА АСОСАН ПУЛ МАБЛАҒЛАРИНИ ЕЧИБ ОЛГАНЛИГИ ҚОНУНГА ХИЛОФ ДЕБ ТОПИЛДИ.

        Олий суд кассация инстанциясининг 2023 йил 20 ноябрдаги қарори билан ўзгаришсиз қолдирилган қуйи инстанция судларининг қарорларига кўра, арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, солиқ бошқармасининг асоссиз равишда жамият ҳисоб рақамидан инкассо топшириқномасига асосан пул маблағларини ечиб олганликда ифодаланган ҳаракатини қонунга хилоф деб топилган ҳамда асоссиз равишдан ечиб олинган пул маблағи МЧЖга қайтариш мажбурияти юклатилган.

        Сайёр солиқ текшируви якуни бўйича солиқ бошқармасининг 2022 йил 24 ноябрдаги қарори билан жамиятга нисбатан 153 822 025,2 сўм молиявий жарима қўлланилган.

        Солиқ кодекснинг 218-моддаси  4-қисми талабига кўра, аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардаги айбга иқрор бўлинганда ва солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори ушбу Кодекснинг тегишли моддаларида белгиланган миқдорга нисбатан икки бараварга камайтирилади.

    Жамият томонидан 10 кунлик муддат ичида белгиланган молиявий жариманинг  50 % миқдори ихтиёрий равишда тўланган бўлса-да, солиқ органи томонидан қонунда белгиланган муддатга риоя этилмасдан молиявий жариманинг қолган қисми ноқонуний равишда ечиб олинган.

        Жамият қарорни олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда молиявий санкция ярими 76 911 012,6 сўмини ихтиёрий равишда тўланган бўлса-да, бироқ солиқ органи юқоридаги норма талабларига зид равишда қолган ярмини ҳам жамият ҳисоб рақамига инкассо қўйиб ечиб олган.

        Шу боис, суд солиқ органининг асоссиз равишда жамият ҳисоб рақамидан инкассо топшириқномасига асосан пул маблағларини ечиб олганликда ифодаланган ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш, асоссиз ечиб олинган пул маблағини жамиятга қайтариш мажбуриятини юклаш  ҳақида тўхтамга келиб жамиятнинг ҳуқуқи тиклаган.

Тошкент туманлараро маъмурий

судининг раиси                                                          Юлдошев Сухроб Шарифович