Наврўз-халқнинг ўзидай қадим ва улуғ айём

Наврўз бу тинчлик, тотувлик, фаровонлик байрами. Миллати, динидан қатъий назар, шу юртда яшаётган барча миллатлар, элатлар учун бирдек севимли айём. Кексаю ёш учун бирдек азиз шодиёна!

Бу байрам оддий байрам эмас, балки халқимизнинг тарихи, фалсафаси, тушунча тасаввурлари, қадриятларини ўзида мужассам этган, миллат билан улғайиб, миллат билан бирга тараққий этган байрам. Бу байрам қадим-қадим замонлардан буён элимиз ардоқлаб келаётган, элимизни, юртимизни улуғлаб келаётган байрам.

Биз ҳар йили бу айёмни зўр тантаналар билан нишонлаймиз ва наврўзнинг янгидан-янги қирраларини, асрлар бўйи сир-синоат бўлиб келаётган жиҳатларини кашф этиб бораверамиз. Тарих бу шунчаки рақамлардангина иборат эмас. У ҳар бир халқнинг тушунча ва тасаввурлари, қувончу ташвишлари, орзу умидларини ҳам ифода этади. Айтишимиз мумкинки, мустақиллик даврида Наврўз тамомила янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Халқимиз ҳаётидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Чунки қадимда Наврўз кенг дала қирлар, тоғлар, боғлар қўйнида бутун элу улус билан биргаликда нишонланган. Бундай сайлларда оддий деҳқон ҳам, амалдор ҳам барчаси бирдек иштирок этган, Наврўзнинг тантанали кутиб олинишига ўз ҳиссасини қўшган. Эл, улус билан бирликни, тотувликни яна бир карра ҳис қилган. Наврўз ҳакида тарихий, адабий манбалар кўп. Маҳмуд Қошғарий, Беруний, Умар Хайём, Алишер Навоий каби алломаларимизнинг асарларида ва бошқа манбаларда Наврўз байрами, у билан боғлиқ урф-одатлар ҳакида кўплаб маълумотлар келтирилган.

Абу Райҳон Беруний ўзининг «Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар» деб номланган асарида бу байрамга катта ўрин ажратади. Унинг келиб чиқиши, тарихи ҳақида фикр юритади. Бироқ, бу азалий қадриятнинг бизнинг кунимизгача яшаб келаётгани, Наврўз билан боғлиқ анъана, урф-одат ва маросимларнинг ҳамон элимизнинг ардоғида эканлигининг ўзи энг ишончли ва мўтабар манбадир.

Маълумки мавсумий маросимлар дунёнинг барча халқлари орасида энг кўҳна тасаввурлар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлади.

Йил фаслларининг алмашинуви билан боғлиқ билим ва тажрибалари, тақвим ва ҳисоблари авлоддан-авлодга турли айтим, мақол, матал, топишмоқ, нақл ва афсоналар шаклида мерос бўлиб ўтади. Байрам маросимларида ижро этилувчи қўшиқларда эса унинг мазмун-моҳияти бетакрор метафора ва ўхшатишлар орқали, тимсолий тарзда ифода этилганлигини кузатамиз. Даврлар ўтиши билан уларнинг баъзилари маросимлардан ётган бўлсада, байрам тизимини яхлит тасаввур этишга ёрдам беради.

Айнан кўклам пайтида фасллар алмашинуви, табиатнинг қайта тирилиши, уни жонлантириш билан боғлиқ «Қозон тўлди» каби қадимий маросимлар, қўчқор, хўроз уриштириш томошалари, полвонлар кураши, бахшилар беллашуви, сумалак, лола сайллари бўлиб ўтган. Ушбу маросим ва сайллар моҳиятан инсон ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг қут-баракали ўтишини Яратгандан сўраш, турли ўйин, ҳаракат, қўшиқлар асосида келаётган йилнинг қандай бўлишини чамалаб кўришга хизмат қилган.

Наврўз бу тун билан кун тенг келган кундир. Бобокалонларимиз, айнан мана шу куни самовий жисмлар ҳаракатида улкан бурилиш ясалади, табиатда жонланиш юз беради деб, уқтириб келишган. Замонавий илм-фан бу қарашлар, бу ҳаётий билим мукаммал даражадаги аниқликка эга эканлигидан ҳамон ҳайратга тушмокда?! Наврўз билан боғлиқ қарашлар бу улуснинг қадимий билим, улкан ҳаётий тажрибаси эди. Даврлар утиши билан бу билим тизимга солиниб, ҳаётларига уйғун, ҳамоханг ҳолда эзгу қадрият сифатида авлодларга мерос қолдирилган. Биз Наврўзни қанча кўп ўргансак унинг тарихи шунчалар теран эканини янада кўпроқ англаб бораверамиз.

Наврўз ҳакидаги афсоналарнинг бирида ушбу айём кунида давлат қуши учирилиб, у кимнинг бошига қўнса ўшани шоҳ этиб сайлаганлари ҳакида сўз юритилади. Аслида бу давлатчилик ҳакидаги қарашларнинг илк куртаклари эди. Бу юртда, бу тупроқда Амир Темур давлати каби улкан салтанат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Бунинг замини жуда олис замонларга, аждодларимиз ўз қадриятларини улуғлаб, уни Наврўз деб аталган қомусий бир тизимга сола бошлаган даврларга бориб тақалади. Наврўз шунчаки бир байрам эмас, бу Халқимизнинг жипслашиши, давлатчилик тушунчаларининг шаклланиш жараёни билан чамбарчас боғлиқ улкан қадриятдир.

Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси:  Н.Хидиров