ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ва маъмурий судлари раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси Б. Исламов олиб борган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси асосида суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, аввало, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини амалда таъминлаш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 16 январь куни имзоланган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлар “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида тасдиқланган 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури эса бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Йиғилишда қайд этилганидек, судлар томонидан адолатли, асосли ва қонуний қарорлар қабул қилинишида, у ёки бу масалада барқарор тергов-суд амалиёти шаклланишида, умуман олганда, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини таъминлашда Олий суд Пленуми қарорлари муҳим ўрин тутади.

Масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, агар моддий ёки процессуал қонун нормаларини қўллаш масаласидаги илмий-амалий шарҳлардаги тушунтиришлар муаллифларнинг бевосита фикрларига таянган бўлса, Пленум қароридаги тушунтиришлар назариётчи ва амалиётчиларнинг муайян масалани, шунингдек судьялар томонидан ишларни ҳал этишда билим ва тажрибаларига таянган ҳолдаги ёндашувлари натижасида шаклланган узоқ йиллик суд амалиётига асосланган.

Айнан шу боис кўп йиллик амалий тажрибага асосланган Пленум қароридаги тушунтиришлар биринчидан, ўзининг мазмун – моҳияти билан судьялар томонидан ишлар бўйича қонуний, асосли ва адолатли қарорни қабул қилинишида, иккинчидан, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, балки оддий фуқаро учун инобатга олиниши лозим бўлган талаблар қаторида алоҳида ўрин олганлиги билан қонунларни тўғри талқин қилиш ва қўллаш масаласида муҳим ўрин эгаллайди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”“Эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкини бўлишга оид низоларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”“Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”“Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги қарорлари қабул қилинди.

Божхона кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларини жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш, шунингдек, туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида мамлакатимиз божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизим жорий этилган. Мазкур ўзгартиришлар қонунларни амалиётда бир хилда қўллаш борасида Олий суд Пленуми томонидан зарур тушунтиришлар берилишини тақозо этгани сабабли Олий суд Пленумининг “Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди. Ушбу Пленум қарорида божхона қонунчилиги бузилганлиги учун жиноий жавобгарликни келтириб чиқарувчи омиллар, божхонага оид қонун нормаларининг тўғри қўлланилиши, контрабанда билан боғлиқ ишларни квалифкация қилиш масалалари, жиноят предметлари ҳамда иш бўйича олинган ашёвий далил тақдирини ҳал этиш билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топди. Бир сўз билан айтганда, мазкур қарорни амалга киритилиши божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишларни кўриш чоғида суд амалиётида юзага келган масалаларни қонуний ҳал этиш ва ягона суд амалиётини шакллантириш имконини беради.

Маълумки, Конституцияда оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилганлиги, унда оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди. Мулк ҳуқуқи меҳнат фаолияти, мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар бўйича вужудга келади. Cуд амалиётида эр-хотиннинг умумий мулки деб топиш, мулкни бўлишбилан боғлиқ фуқаролик ишларини кўриш жараёнида юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва бир хилдаги суд амалиётини шакллантириш, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Олий Суд Пленумининг “Эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкини бўлишга оид низоларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”гиқарорини қабул қилиш зарурати юзага келди. Пленум қарорида эр-хотин ўртасида умумий мол-мулкни бўлиш тартиби кўрсатилган бўлиб, унга кўра, биргаликдаги умумий мулкни бўлиш никоҳ давомида, никоҳ бекор бўлгандан кейин, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўриш вақтида эр ва хотиннинг даъвоси бўйича амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар берилган. Умумий мулкни бўлиш ҳақидаги даъво билан судга эр ва хотиндан ташқари, масалан уларнинг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш зарурати туғилган ҳолатларда кредитор ҳам мурожаат қилишга ҳақлилиги ва муомалага лаёқатсиз эр-хотиннинг манфаатида умумий мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво аризани унинг васийси бериши, вафот этган эр ва хотиннинг умумий мулкдаги улушини аниқлаш ҳақидаги даъво ариза билан унинг меросхўрлари мурожаат қилишга ҳақлилиги ҳақида тушунтиришлар ҳам берилди. Шунингдек, агар мол-мулк эр ёки хотиннинг бири томонидан никоҳга киргунига қадар кредит маблағлари эвазига сотиб олинган бўлиб, кредит мажбуриятлари эса никоҳ давомида бажарилганда, никоҳ давомида тўланган пул суммаси эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилди. Умуман олганда, ушбу қарор келгусида эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда умумий мулкини бўлишга оид низоларни қонуний ва адолатли ҳал этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Конституцияда фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбур эканликлари назарда тутилган бўлиб, солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Солиқ кодекси янги таҳрирда қабул қилинганидан сўнг, судлар томонидан солиқ қонунчилигини амалиётда қўллашда вужудга келаётган масалалар юзасидан ягона суд амалиётини жорий қилиш мақсадида Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”гиқарорини қабул қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Қабул қилинган қарорда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қоидалари, тартиби ва муддатлари юзасидан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари билан боғлиқ низоларни кўришда солиқ қонунчилигини қўллаш борасида судларга тушунтиришлар берилган. Солиқ соҳасидаги низолар фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётганлиги боис, ишларнинг судловга тааллуқлилигига ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш юзасидан тушунтиришлар берилиб, амалиётда мавжуд муаммоларга нуқта қўйиладиган бўлди. Бундан ташқари, 2021 йилнинг бошидан бугунги кунгача ҳам тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида вужудга келаётган низолардан бири, аввалги Солиқ кодексларида мавжуд бўлмаган, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига оид низоларни маъмурий ва иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича аниқ раҳбарий тушунтириш берилди. Шу кунгача суд амалиётида ишда иштирок этувчи шахсларнинг турли эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, яъни суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида тайинланган тафтиш натижалари бўйича ваколатли орган томонидан қонуний чоралар кўриш ҳақида қабул қилинган қарори ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда тергов, солиқ органлари вакиллари билан ўтказилган бахсли мунозаралардан сўнг қарорда маъмурий ҳужжат ҳисобланиши ва унинг устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилди. Демак, ушбу қарор ҳам суд амалиётида ғоятда муҳим масалаларни қонуний ҳал этишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқлари ва унинг кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини юритишда тарафларнинг қонун ва суд олдида тенглигини таъминлаш, уларнинг ўзаро тортишувларига имконият яратиш масаласини кучайтиришга қаратилган. Бу борада суд – ҳуқуқ соҳасига ҳам тааллуқли бир қатор янги қонунлар қабул қилиниб, баъзи қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Албатта, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Олий суд Пленумининг амалдаги қарорларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни тақозо этди.

Олий суд Пленуми қарорларининг янги қабул қилинган қонунларга мувофиқлиги ўрганилиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Пленум қарори қабул қилинди. Қарор асосида Олий суд Пленуми томонидан қабул қилинган 18 та қарорнинг жами 37 та бандига ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек таҳририй тузатишлар киритилди.

Шунингдек мажлисда Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошев иштирок этди.