НАВБАТДАГИ СЕМИНАР-ТРЕНИНГДАН РЕПОРТАЖ

Айни пайтда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 январдаги 107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли мавзусида ўтказиб келинаётган семинар-тренингнинг навбатдаги раунди бошланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари ва Фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш органлари масъуллари онлайн тарзда иштирок этишмоқда.

Семинар-тренингда Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва бошқа судьялар томонидан маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда конунийликни таъминлашдаги роли, фуқаролик холати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг харакатлари (харакатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари мавзуларида қизиқарли маърузалар қилинди.

Судьялар суд амалиётида туғилганлик ҳолати ҳақидаги далолатномаларга тузатиш ёки ўзгартириш киритиш баъзи ҳолларда ФҲДЁ мутасаддилари томонидан асоссиз равишда рад этилаётганлиги сабабли низолар келиб чиқаётганлиги ва бу масалаларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёндашилса, низолар камайишга ва фуқаролар оворагарчиликларининг олди олинишига эътибор қаратишди.

Бундан ташқари, фуқаролик холати далолатномаларини ёзиш органи ходимларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ни қонуний ёки ноқонуний деб топиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш процессуал тартибларга амал қилинган ҳолда амалга оширилади.

Семинар-тренингда ФҲДЁ органлари масъуллари баъзи ҳолларда судга тааллуқлилик билан боғлиқ муаммолар вужудга келаётганлигини билдириб ўтишди.

Семинар-тренинг якунида фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлишларининг олдини олиш мақсадида амалиётда учраб турган муаммоларни ечиш учун бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф-мулоҳазалар билдирилди.