«Маъмурий судларга мурожаат қилиш ТАРТИБИ»

     Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Маьмурий суд ишларини юритиши тўғрисида”ги кодексига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳукукларини ёхуд қонун билан қўрикланадиган манфаатларини ҳимоя килиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

      Маъмурий судга маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллукли ҳисобланади. Чунки бу тоифадаги ишларда жисмоний ва юридик шахслар ҳамда маъмурий бошкарув ваколати берилган органлар ўртасида муайян муносабатлар юзага келади.
Юртдошларимизга ҳуқуқий тушунча сифатида эслатиб ўтиш жоизки, маъмурий органлар деганда Президентимизнинг 2022 иил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган республика давлат бошқаруви органлари (вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, махаллий давлат ҳокимият органлари, фукароларнинг узини узи бошкариш органлари, шунингдек, маъмурий бошкарув ваколати берилган бошка органлар, ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади. Жумладан, ФХДЁ, Мажбурий ижро бюроси, нотариуслар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатлар, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга шикоят қилинади.
      Маъмурий ҳужжат маъмурий ваколатга эга орган (мансабдор шахс) томонидан қабул қилиниши, ташки субъектларга (жисмоний ёки юридик шахсларга) каратилган булиши, муайян ҳуқуқий окибат келтириб чиқариши билан умуммажбурий хусусиятга эга булган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқ қилади.
  Иккала тоифадаги ҳужжатнинг асосий фарқи шундаки, умуммажбурий хусусиятга эга булган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин эмас, бундан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мустасно. Мазкур ҳужжатлар буйича низолар Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўриб чиқилади. Умумий қоида бўйича, маьмурий органнинг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўгрисида маълум бўлган пайтдан этиборан олти ой ичида судга берилиши мумкин.
   Аризачига ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги ёки ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги, аризачининг зиммасига бирор-бир мажбурият юкланганлиги маълум бўлган куннинг эртасидан судга мурожаат қилиш муддати бошланади. Шикоят маъмурий ҳужжатни ҳақиқий эмас, ҳаракат (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида бўлиб, маъмурий орган жойлашган ёхуд мансабдор шахс ишлайдиган жойдаги туманлараро маъмурий судига берилади.
     Маъмурий судларга шикоят қилишда жисмоний шахслардан давлат божи ундирилмайди. Давлат божи ишнинг натижаси буйича қаноатлантирилган талабга мутаносиб равишда тарафлардан ундирилади. Бордию ариза рад қилинса жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш микдорининг 70 фоизи микдорида – бугунги кун ҳолатига 238 000 сўм давлат божи ундирилади.

Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси Ойбек ХАКИМОВ