Коррупцияга қарши курашиш- суд тизимини “коррупциясиз соҳага” айлантириш олий мақсадларимиздан бири

    Коррупция – бу ҳар бир халқнинг, миллатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини издан чиқарувчи энг хавфли жиноятдир.

Айни пайтда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида инсон ҳаёти, унинг фаровонлиги, ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши ётади.
         Зеро,  «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда. Мазкур раҳбарий тамойилнинг асл мазмун-моҳияти суд тизмига халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини татбиқ қилиш, замонавий ва ҳар қандай мансаб суистеъмолликларидан ҳоли, қонуний ва адолатли қарор қабул қиладиган суд соҳасини яратишни назарда тутади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида барча давлатлар ҳамкорликда, таълим, тиббиёт, суд-ҳуқуқ, демократиянинг ривожланишига коррупциянинг кириб боришига асосий эътиборни қаратувчи тадбир ишлаб чиқилган. Халқаро тадбир ўзининг эътиборини коррупциянинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг катта тўсиқ бўлишига қаратади.

         Шу муносабат  билан,  2003 йил 9 декабрь куни Мексикада БМТнинг “Коррупцияга қарши Конвенцияси” имзоланган ва ушбу кун Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни сифатида эълон қилинган. Шу тариқа, 2004 йилдан бошлаб 9-декабрь куни “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланмоқда.

         БМТ  Бош Ассамблеясининг резолуциясида кўрсатилганидек, ушбу халқаро кунни ташкил этишдан мақсад- коррупция иллатига кучли эътибор қаратиш, шунингдек, коррупция ва унга қарши курашишда Конвенциянинг ўрнини кучайтиришдан иборатдир.

         Дунё тараққиётидан ортда қолмаган ҳолда мустақил Ўзбекистонимизда ҳам, Коррупцияга қарши курашиш масалалари, уни олдини олиш борасида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар талайгина.

Давлатимиз 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилган.

         Айтиш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида миллий қонун ҳужжатлари базаси ҳам яратилган. Ҳозирги кунга қадар мазкур иллатга қарши курашиш учун 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

         Хусусан, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик”, “манфаатлар тўқнашуви” тушунчаларининг ҳуқуқий тавсифи ва соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи  органлар ҳамда ташкилотларнинг вазифа ҳамда ваколатлари белгилаб берилди.

         Бундан ташқари, 2019 йил 27 майда ПФ-5729-сонли “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони қабул қилинди.

         Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатмизда коррупцияга қарши курашиш механизмининг мазмун-моҳиятини янада тўлиқроқ очиб берди.  

         Фармонда коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатининг устувор вазифалари этиб қуйидагилар  белгиланди:

  • суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
  • давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
  • давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
  • фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш;

Бундан ташқари, Фармонга мувофиқ, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этилди.

Шуниндек, мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш мақсадида 2020 йил 7 декабрда ПФ-6127-сонли “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, cудьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ишлаб чиқилди:

  • судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;
  • судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
  • судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
  • судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.

Инсон тақдири  борасида гап кетганда, судьяларнинг адолатли ва холис иш юритиши муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маъданияти юксалиб, ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун – судларга шикоят, ариза билан мурожаат қилувчилари салмоғи сезиларли даражада ошиб бормоқда.

2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясининг асосий йўналишларидан бири – Судларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашишни изчил давом эттириш. Суд тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш чораларини кўриш қилиб белгиланди.

Шундай экан, одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, адолат ва қонун олидида тенглик принципларидан оғишмай ҳаракат қилишда судьяларга улкан масъулият юкланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, коррупция-жамиятни, миллатни ичидан емирадиган, давлатни таназзулга олиб келадиган иллатдир.

Коррупция мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёисй соҳаларига таъсир қилиб, иқтисодиётда рақобат механизмининг ишламаслигига, мулк ҳуқуқининг қадрсизланишига, ижтимоий соҳада халқнинг камбағаллашишига, қонун устиворлиги тамойилининг бузилишига, сиёсий соҳада эса халқнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ишончи йўқолишга олиб келади.

Тошкент шаҳар маъмурий суди

судья катта ёрдамчиси Уринбоева  Дилноза