ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИДА МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ

Тошкент шаҳар маъмурий суди Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништириш мақсадида ташкил этилган семинар-тренингнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 20 апрель куни маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништириш мақсадида туркум семинар-тренингнинг биринчи босқичини ўтказган эдик.

Бугун тадбир, ўша семинар-тренингнинг мантиқий давоми бўлиб ҳисобланади. Биринчи семинар-тренингда асосан маҳаллий ҳокимият вакиллари мутасаддилари, ҳуқуқшунослари иштирок этган бўлса, бугунги тадбирда барча ҳудудлардаги солиқ органлари ходимлари қатнашаяпти.

Бундан кўзланган мақсад, маъмурий судлар амалиётида солиқ органлари қарорларининг қонунийлигини кўриб чиқиш масаласини муҳокама қилишдир. Тадбир фақат шунчаки маърузалардангина иборат эмас, балки бу борада амалиётдаги муаммоларни аниқлаш ва унинг ечимини топишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Шунинг учун семинар-тренингда Республика солиқ инспекцияси мутасаддилари, жойлардаги солиқ органлари ходимлари таклиф этилиб, маъмурий судлар судьялари билан биргаликда муаммоларни очиқ-ошкора муҳокама қилинаяпти.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар, бугунги тезкор ҳаёт динамикасига қай даражада жавоб бераяпти, қонунчилик билан амалиёт бир-бирига мосми, деган муҳим саволларга жавоб изланаяпти.

Семинар-тренингда судьялар ва солиқ органлари мутасаддилари томонидан кўтарилган бир қатор жиддий масалалардан кўриниб турибдики, амалиётда муаммолар бор. Семинар-тренинг ўзига хос хусусияти шундан иборат бўлдики, маъмурий суд судьялари ҳам солиқ органлари мутасаддилари ҳам муаммони яширмасдан, очиқ-ойдин ўртага ташлаб, холис муҳокама қилди. Қизғин савол-жавоб ва бахс-мунозара тарзида бўлиб ўтди.