Айрим хорижий мамлакатларда маъмурий суд ишларини юритиш бўйича биринчи инстанция судида қабул қилинадиган ҳужжатларнинг ўзига хос хусусиятлари.

    Ҳуқуқий тартибга солиш механизмида суд ҳужжатларининг тутган ўрнини белгилашда бу масалада хориж мамлакатлари судлов амалиётида тўпланган тажрибага эътибор қаратиш зарурати мавжуд. Бу масалада хориж тажрибасини ўрганиш нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам моликдир. Чунки бу жараёнда бошқа мамлакатда шаклланган тажриба ва амалиёт ўзида илғор ижобий ўрганишга муносиб жиҳатларни ифодалаши мумкин; айни пайтда бу тажриба миллий тажриба билан умумий жиҳатларни ўзида ифода этиши мумкин.

    Бу ҳолат эса хусусий тажрибамиз ўзида жаҳон амалиётига хос жиҳатларни ҳам ифодалашини кўрсатади; бундан ташқари хорижий тажриба ўзида айрим, бизнинг амалиётимизга унчалик мос келмайдиган, бироқ ўша давлатнинг ҳуқуқий ривожланиш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда шаклланган ҳуқуқий ҳодиса ва қадриятларни акс эттириши мумкин. Шу тариқа хориж тажрибасини ўрганиш, тадқиқотчига умумий, махсус ва алоҳида жиҳатларни ўрганиш имконини беради.

    Суд ҳужжатларининг ҳуқуқий тартибга солиш механизмида тутган ўрни ҳақида гап кетар экан, аввало умумий (англо – саксон) ва Континентал (роман – герман) ҳуқуқий оилаларга мансуб мамлакатларда бу масалаларда жиддий фарқлар борлигини қайд этиш зарур. Бу икки ҳуқуқий оила бир – биридан нафақат шаклланиш тарихи, ҳуқуқнинг ички тузилиши каби жиҳатлар билан фарқ қилибгина қолмасдан, балки манбалар тизими билан ҳам ажралиб туради.

    Суд прецеденти – умумий ҳуқуқ оиласига мансуб давлатларнинг ҳуқуқ манбалари тизимида муҳим ўрин тутади. Ушбу мамлакатларда тегишли судлар амалдаги қонунчилик ва шаклланган суд амалиёти доирасида ишларни кўриб ҳал этишда, муайян эркинликка эга бўлиб, улар тегишли ҳолларда янги ҳуқуқ нормаси ярата оладилар.

    Контитентал ҳуқуқий оилага мансуб давлатларда судлар асосан қонунларга асосланиб, ишларни ҳал этадилар, яъни бевосита янги ҳуқуқ нормаси яратиш ваколатига эга эмаслар ва улар шу жиҳати билан умумий ҳуқуқ оиласи судларидан фарқланадилар. Шу муносабат билан кейинги йилларда илмий адабиётларда континентал ҳуқуқий оилага мансуб давлатлардаги судлар тизимида энг юқори суднинг қарорлари маълум маънода ўзида умумий қоидани акс эттиради, деган мунозарали фикр илгари сурилмоқда ва шунга боғлиқ ҳолда МДҲ мамлакатлари Олий Суд Пленумлари қарорларининг юридик табиати ҳақида кенг мунозара олиб борилмоқда.

    АҚШ судларининг Британия судьяларига нисбатан бу масаладаги фаоллиги кўп жиҳатдан АҚШда кенг ҳокимиятга эга бўлган парламент доктринасининг йўқлиги билан изоҳланади. Гарчанд, Буюк Британияда ҳам парламент конституциявий конвенциялар (одатлар) ва жамоатчилик фикри билан чекланган бўлса-да, Британия ҳуқуқий тизими ёзма конституция ғояси

ва статут ҳуқуқ устидан суд назорати институтини эътироф этмайди. Бундай ҳолатнинг яна бир сабаби, чамаси, судьялар корпусининг шаклланиш тартибидаги фарқларда бўлса ажаб эмас, чунки, Британияда судьялар тайинланади, АҚШда эса асосан сайланади.

    Хорижий манбаларда “судьялар ҳуқуқи” деган атама ҳам мавжуд бўлиб, у ўз мазмунига кўра судларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасига мансуб атама ҳисобланади. Шу муносабат билан умумий ҳуқуқ оиласига мансуб давлатларда судларнинг ҳуқуқ ижодкорлик фаолияти ва унинг тартиби, асослари ҳамда доираси, чегараси ҳақида фикр юритиш ўринли.

    Айни пайтда шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳатто умумий ҳуқуқ оиласида ҳам бу масалада ягона ёндашувни кўриш қийин. Зотан, судларнинг ҳуқуқ ижодкорлик фаолиятига нисбатан қўлланиладиган чекловларнинг даражаси ва мазмуни бир – биридан анча фарқ қилади. Умумий фикрга кўра, умумий ҳуқуқ оиласида Америка судлари Британия судларига нисбатан бу масалада фаолроқдир. Шу тариқа, судьяларнинг демократик мандати Британияда кучсизроқ кўринади.

    Таъкидлаш жоизки, Буюк Британия олимлар ва амалиётчилари орасида судларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги доираси ва даражаси масаласида аниқлик кузатилмайди. Умумий фикр сифатида шуни айтиш мумкинки, судьялар масалан, янги жиноятни “кашф” этмайдилар, бироқ статутларда мустаҳкамлаб қўйилган умумий ҳуқуқ нормаларини конкрет ҳолатга нисбатан қўллаб, мазкур нормаларга муайян аниқликлар киритадилар. Масалан, Лорд Рейд Myers v. DPPнинг иши юзасидан қуйидаги фикрни баён этган: “Умумий ҳуқуқни ўзгариб бораётган иқтисодий шарт-шароитларга ва тафаккур кўникмаларига мослаш учун ривожлантириб бориш зарур.

    Бироқ биз қилишимиз мумкин бўлган ва қилишимиз зарур бўлган фаолиятнинг чегараси борлигини эсда тутишимиз керак. Башарти, биз ҳуқуқни ривожлантиришимиз керак бўлса, бу ҳолда ҳуқуқнинг фундаментал принципларини ривожлантириш ва қўллаш орқали уни амалга оширишимиз керак. Биз ўз-ўзимизча шартлар ва чекловлар белгилай олмаймиз; бу вазифа қонун чиқарувчининг ваколати ҳисобланади. Агарда биз ҳақиқатдан ҳам ҳуқуқни ўзгартирадиган бўлсак, бу ҳолда биз бу ишни фақат шундай ҳолатларда қилишимиз мумкинки, қачонки, бизнинг қароримиз маълум даражада аниқлик ва узил-кесилликка олиб келадиган бўлса”.

    Айтиш керакки, юқоридаги фикр ўзида суд ҳуқуқ ижодкорлигининг чегараси масаласидаги анъанавий ёндашувни ўзида ифода этган дейиш мумкин. Зотан, айнан “аниқлик киритиш” ёки “аниқлаштириш” атамаси шу ўринда муҳим аҳамият касб этади ва масаланинг моҳиятини ифодалайди. Ҳақиқатдан, қоидага кўра ҳуқуқ аниқ-тиниқ бўлиши керак ва судьялар қонун чиқарувчидан ўтиб ва улардан “ўзиб” кетмасликлари зарур.

    Судьялар, шу боис, умумий ҳуқуқни ривожлантиришлари мумкин холос, бироқ улар янги жиноятлар таркибини, жиноятнинг оғирлаштирувчи ҳолатларнинг ёхуд жавобгарликдан озод этувчи ҳолатларнинг турларини ва шунга ўхшаш ҳолатларни ўрнатишга, белгилашга ҳақли эмаслар. Шу билан бир қаторда, қонун ўзида маълум даражада умумий қоидаларни ифодалагани боис, муайян ноаниқликлар бўлиши табиий. Шунга боғлиқ ҳолда судьялар қонун матнидаги у ёки бу атама мазмуни қандай фактларни ўз ичига олиши масаласини ҳал этишига тўғри келади ва ҳал этишлари шарт.

    Шу ўринда, суд прецеденти билан Парламент, аниқроғи статутлар ўртасидаги муносабат ва нисбат масаласи муайян қизиқиш уйғотади. Буюк Британияда мавжуд бўлган доктринага кўра, прецедент Парламент томонидан бекор қилинмаган, ўзгартирилмаган бўлса, бу ҳолда “сукут – розилик аломати” тамойили амал қилади, демак, Парламент томонидан “сукут сақлаш йўли билан” у маъқулланган, деб хулоса чиқариш мумкин.

    Шу тариқа, айтиш мумкинки, умумий ҳуқуқнинг аниқлиги — Британия энг юқори суди фаолиятидаги принциплардан бири ҳисобланади. Шу билан

бир қаторда, янгиликлар зарурати ёхуд олдин йўл қўйилган хатони тузатиш керакли эканлиги ҳакидаги фикрлар судларда ўз хоҳишларига асосланган ҳолда иш кўришга анча “майдон қолдириши мумкинлигига” ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бундан ташқари, қонунларнинг айрим нормаларини ҳозирги кун нуқтаи-назаридан шарҳлаш ва мослаштириш ваколати ҳам охир – оқибатда суднинг ҳуқуқ ижодкорлик фаолиятидан бошқа хеч нарса эмас.

    Суднинг ҳуқуқ ижодкорлик фаолияти қонун нормалари мазмунини ҳозирги кун талаб ва хусусиятларига “мослаштирган ҳолда” талқин этиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Шу ўринда қай ҳолатларда судьялар “мослаштирувчи талқин”ни амалга ошира оладилар ва бундай фаолият йўналишининг доира ва чегараси қандай белгиланади, деган масала кўндаланг бўлади.

    Шу ўринда инглиз ҳуқуқий тизимининг муҳим жиҳатлари ёинки реалликлари бўлган бир ҳолат – норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг узоқ вақт давомида ҳаракатда, амалда бўлиши тажрибасини назарда тутиш зарурлигидир. Шу боис, мазкур ҳужжатларга бугунги кун хусусиятларини сингдиришга тўғри келади. “Always speaking” – “гапириб турувчи ҳуқуқий ҳужжатлар” деган атама инглиз юристи лорд Тринг (Henry Thring, 1818-1907) томонидан дастлаб мулоқотга киритилган бўлиб, унинг мазмуни шуки, маълум бир қонун ўзи қабул қилинган давр хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда яратилган бўлса-да, бироқ унга амалдаги ҳуқуқ сифатида қараб, уни ҳаётга тадбиқ этиш зарур бўлади. Шу тариқа мазкур қонун ўзининг дастлабки муаллифи тили билан, бироқ ҳар бир ривожланиш босқичининг конкрет хусусиятлари ва шарт-шароитларига боғлиқ ҳолда ўзини намоён этиши ва “сўзлаши” мумкин.

    Айни пайтда маълум бир давр билан боғлиқ ҳужжатлар сони унчалик кўп эмас, бироқ Парламент томонидан қабул қилинган статутларда айрим умумий ифодалар (иборалар) мавжудлиги — парламент томонидан унинг ўша умумий ибораларига судлар томонидан ижтимоий шарт-шароитнинг конкрет ҳолатларига мос тушадиган мазмун берилишига имкон қолдириши маъносида тушуниш мумкин.

    Шу ўринда адолатли ва оқилона қарор қабул қилишга эришиш йўллари ва воситалари турли ҳуқуқий тизимларда, айрим ҳолларда бир тизимга мансуб давлатларда ҳам турлича эканлигини қайд этиш ўринли. Айрим ҳолларда судьяларда бундай имкониятларнинг анча камлигини ҳам кўриш мумкин.

    Буни қуйидаги мисолда яққол кўриш мумкин: Буюк Британия, РФ ва AҚШ судларининг давлатлараро алоқалар, айниқса иқтисодий алоқалар ривож топган бир даврда солиқ ва божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган жазонинг жиддий фарқланишини қайд этиш мумкин. Биринчи ҳолда, АҚШ юқори суди қуйи суднинг қонун нормасини айнан тушунишга асосланиб чиқарилган, бироқ унчалик адолатли бўлмаган қарорини бекор қилиб, уни юмшатиш имконига эга бўлса, Англия юқори суди судларнинг анча эски қонунларни айнан, яъни даврга мослаштирмасдан тушунишга асосланиб чиқарган адолатсиз қарорини кучда қолдиришга мажбур бўлишган, чунки, қатор нормалар бутунлай бошқа давр учун мослаб қабул қилинган ва шу боис, айрим ҳолларда адолатсиз қарор қабул қилишга олиб келишига қарамай, Лордлар палатасига, гарчи қонун чиқарувчи бундай ҳолатни назарда тутмаган бўлса-да, эски қонун нормаларини “чекланган шарҳлаш” имконияти берилмаганлиги боис, қонуннинг “руҳи ва ҳарфи”га мос ҳолда ҳаракат қилишга тўғри келади.

    Лорд Рейд таъкидлаганидек, юқоридаги аҳвол яна бир бор шуни таъкидлайдики, ёзма Конституция ёки ҳуқуқлар ҳақида Билл каби нуфузли манбаларнинг мавжуд эмаслиги, баъзан Британия судларига, ҳатто очиқ адолатсиз қарор қабул қилиш таҳдиди остида қонун нормаларининг айнан мазмунига, яъни қонун чиқарувчининг айнан мазмундаги хоҳиш-иродасига бўйсунишдан бошқа йўл қолдирмайди.

Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси              

А.М.Базаров