КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДГА ҚАЧОН МУРОЖААТ ҚИЛИШ МУМКИН

     Мамлакатимизнинг янги Конституцияси 54-моддасида: «Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир», деб белгиланган. Суд органлари ана шу мақсадни рўёбга чиқаришда асосий вазифани ўтайди ва бузилган ҳукукларни тиклашни кафолатлайди. Бироқ юқоридаги нормани инсон ҳаёти ва ҳуқуқларидан бошқа юксак қадриятлар йўк, деб тушуниш хато. Давлат суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч хаёти ва хавфсизлиги, миллий қадриятлар, халқнинг тили ва урф-одатлари ҳам юксак қадриятлар ҳисобланади.

        Конституциянинг 55-моддасида: «Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади», дейилган.
        Мазкур норма давлатимизнинг биринчи Конституциясида ҳам бор эди. Янги Конституциямизда эса: «Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан қуриб чиқилиши ҳукуки кафолатланади. Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халкаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳукукий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халкаро органларга мурожаат этишга ҳақли», деб белгиланди.
        «Ваколатли, мустақил ҳамда холис судга булган ҳуқуқ тегишли процессуал қонунларда белгиланган судловга тааллуқлилик ва тегишлилик, суд таркибига раддия бериш, юқори суд инстанциясига шикоят қилиш ҳуқуқлари оркали, шунингдек, судьяларнинг лавозимда бўлишининг кафолатлари орқали таъминланади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халкаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқини таъминловчи БМТнинг халкаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича органлари бўлиб, ушбу ташкилотлар томонидан фуқаронинг ўз давлатининг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлиши шарт қилиб қўйилади.
        Бунда «ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички  оситалари» деганда айнан суд органлари, суднинг энг юқори инстанцияси томонидан ишнинг кўриб чиқилганлиги ва баҳо берилганлиги тушунилади.
        Янги Конституциямизнинг 133-моддасига киритилган қуйидаги янги норма ҳам эътиборга молик: «Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли». Бу норма сизга судда ҳуқуқингизни ҳимоя қилишда яна бир муҳим имконият беради. Эндиликда фуқаролар ва юридик шахслар суд оркали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлгач, бевосита Конституциявий судга унга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиклиги тўғрисида шикоят қилишга ҳақли. «Суд оркали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлиш» деганда энг юқори суд инстанцияси, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ишнинг кўриб чиқилиши ва баҳо берилиши тушунилади. Маълумки, суд ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимоячиси бўлароқ бу борада қонун номидан гапириш ваколатига эга. Бироқ судда қўлланилган қонун нормаси Конституцияга зид булган ҳолатда инсоннинг ҳуқуқини тиклаш воситаси булиб айнан юқоридаги норма хизмат килиши лозим. Конституциявий суднинг асосий ваколатларидан бири қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонунлар нормаларига шарх бериш ҳисобланади. Яъни, бу ҳолатда Конституциявий суд аниқ бир инсон ёки юридик шахснинг важларини инобатга олган ҳолда тегишли қонун нормасининг Конституцияга мувофиқлигига баҳо бериши лозим бўлади. Муҳими шуки, давлатимизнинг янги Конституциясида суд орқали ҳуқуқни ҳимоя қилишга доир муҳим нормалар мустаҳкамланган.

Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси

О.ХАКИМОВ