СУДЛAР ТОМОНИДAН КОНСТИТУЦИЯВИЙ НОРМАЛАРНИНГ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИҚЎЛЛAНИЛИШИ

     Аннотация: Барчамизга маълумки, янги таҳрирдаги Конституция ўзгача кўринишда, янги нормалар билан бойитилган ҳолда кенг жамоатчиликка тақдим қилинди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, уларнинг қонуний манфаатлари  Конституциянинг асосини ташкил этиб, унга сўзсиз риоя қилиниши алоҳида белгилаб қўйилди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (бундан буён матнда Конституция деб юритилади) 15-моддасининг 2-қисмига кўра, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

       Калит сўзлар: оммавий ҳуқуқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжат, дунёвий давлат.

           Судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судлари томонидан ишларни кўриб чиқишда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленумининг 2023 йил 16 июндаги 16-сонли қарори қабул қилиниб, унда Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан-тўғри амал қилиши, суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилиши лозимлиги қайд этилди.

        Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Қарори қабул қилиниши билан судлар томонидан Конституция нормаларини қўллаш амалиётга жорий қилинди. Бироқ, шу ўринда савол туғилади, амалда низоларни кўриб, ҳал қилишда бу жараён қандай ўзини намоён қилмоқда?! Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш масаласи ҳуқуқни  қўллаш амалиётининг ўта муҳим соҳасига айланмоқда. Шу сабабли ҳам бир қарашда оддий бўлиб кўринган тушунча, амалда алоҳида таҳлилни тақозо этади.

      Назаримда, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тўғридан-тўғри қўллаш”нинг ягона ва қатъий тушунчаси мавжуд эмас. Қонун ҳужжатларида ва илмий адабиётларда мавжуд бўлган таърифлар ушбу мунозарали масаланинг фақат айрим, баъзан бир-бирини истисно қилувчи томонларини акс эттиради, бу эса унинг назарий жиҳатдан етарлича ривожланмаганлигини кўрсатади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тўғридан-тўғри қўллаш билан боғлиқ ёндашувни ишлаб чиқиш илмий тадқиқотнинг долзарб ва муҳим йўналишларидан бири бўлиб кўринади.

        Aммо шуни таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тўғридан-тўғри қўллаш» концепциясининг турли жиҳатлари “амалга ошириш”, “ижро этиш”, “мувофиқлик”, “ҳуқуқни муҳофаза қилиш”, каби ҳуқуқий тоифаларни кўриб чиқиш доирасида кўрилган ва конституциявий ҳуқуқ фани томонидан кенг қамровли тадқиқот объекти бўлмаган.

        Ҳуқуқий таълимотда ҳуқуқни қўллаш ҳамда ҳуқуқни амалга оширишнинг алоҳида шакли сифатида ажратиб кўрсатилган, бироқ ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишга қаратилган кучли индивидуал юридик норма сифатида ёритилмаган. Шу боисданми, суд қарорларида Конституция ҳуқуқларни белгиловчи норма сифатида акс эттирилиб, низоларни ҳал қилишда асословчи ҳужжат сифатида қўлланилишида эса бирмунча долзарблик мавжуд.

      Хусусан, маъмурий судларнинг аксарият қарорларида Конституциянинг устунлиги (15-модда), ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши (55-модда) каби умумий нормаларда чегараланиб қолмоқда. Бироқ, Конституциясининг 15-моддасининг сўзма-сўз маъносидан келиб чиқсак, Конституциянинг тўғридан-тўғри таъсирини унга риоя қилиш ва қўллашни  уни амалга оширишдан кенгроқ талқинда ажратиш керак.

Хўш, буни қандай амалга ошириш мумкин? Айнан мана шу нормаларни учта тоифага ажратиб олсак мақсадга мувофиқ бўлади:

  1. Ижтимоий нормалар;
  2. Ҳуқуқий – давлат сифатида қурувчи нормалар;
  3. Дунёвий давлат қуришга замин яратувчи нормалар.

        Жумладан ҳар ким уй-жойли бўлиш ёхуд уй-жойдан маҳрум этилмаслик, тиббий ёрдам, ҳар ким қулай атроф-муҳитга эга бўлиш, таълим олиш ҳуқуқлари ижтимоий соҳа нормаларини қамраб олган. Ҳуқуқий давлат сифатида эса, айнан давлат ҳокимияти ўз фаолиятини халқ манфаатини кўзлаб амалга ошириши, барча ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, мутаносиблик принципи, инсонга мажбурият юклатиш тақиқланиши, ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида бўлиши, етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши, ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўйилмаслиги ёинки айбсизлик презумпцияси каби нормалар муҳим аҳамият касб этади. Масалан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 41-53-моддаларида ижтимоий, иқтисодий ва маданий нормалар мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, уларда иқтисодий ҳуқуқларга меҳнат ҳуқуқи, мажбурий меҳнатдан озод бўлиш ҳуқуқи, адолатли иш ҳақи олиш ҳуқуқи, хавфсиз иш муҳити, соғлиқни сақлаш ҳуқуқи, уй-жой ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи, маданият ва урф-одатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқи, жамиятнинг маданий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек, илмий ютуқлардан фойдаланиш ва ундан фойда олиш ҳуқуқи ва бошқаларни ўз ичига олади. Ушбу моддаларни ўзининг 9-бобида жамлаган  янги таҳрирдаги Конституцияси мазкур ҳуқуқларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар сифатида баён этади.

           Юқорида таъкидлаб ўтилган  соҳа муносабатларини  ҳуқуқий тартибга солиш мавжуд бўлмаганда ёки қонун ва қонуности ҳужжатлардаги нормалар конституциявий қоидаларга зид бўлса, Конституциянинг бевосита таъсири намоён бўлиши назар тутилган.

    Табиийки, судлар томонидан, дейлик оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўришда конституциявий нормаларини бевосита қўллаши айнан низони ҳал қилиш тартиботини қамраб олсагина, уни амалга самарали ошириш имконини беради

    Бироқ, муайян низодаги масалани ҳал қилиш асоси ёритилмаган ҳолда қандай қилиб бевосита қўлланилиши мумкинлиги билан боғлиқ савол туғилади. Конституциявий тартибга солишни талаб қиладиган масалаларнинг тўлиқ рўйхатини тасаввур қилиш қийин, албатта.

Шундай экан, судлар томонидан низоларни ҳал қилишнинг асослантирувчи манбаи сифатида конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаши қуйидаги шартларни тақозо этади, хусусан:

а) Конституция нормасида мустаҳкамланган қоидалар, уларни қўшимча ёхуд махсус тартибга солишни талаб қилмаса, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш қоидаларни тартибга солувчи қонун қабул қилиш шарти билан уни қўллаш ҳақида кўрсатмани ўз ичига олмаса;

б) суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кучга кирганидан кейин қабул қилинган қонун ҳужжатлари Конституциянинг тегишли нормаларига зид эканлигига ишонч ҳосил қилганда;

в) ишларни кўриб чиқиб, ҳал қилишда мазкур ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлмаганда.

Конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш Конституциянинг 15-моддасида белгиланган мажбурий талаб бўлиб, истисносиз барча судларга қаратилган.

Ўтган даврда судлардан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)дан ҳимоя қилишга оид нормаларни татбиқ қилиш талаб этилмаган, боиси давлат бошқаруви узоқ вақт давомида суд назорати доирасидан ташқарида бўлиб келган. Замонавий даврда вазият ўзгарди.

        Хулоса ўрнида айтиш жоизки, айни дамда Конституциянинг зарур ҳолларда умумюрисдикция судлари ва маъмурий судлар томонидан тўғридан-тўғри қўлланилиши ҳам адолат мақсадларига эришишга, ҳам фуқаро, тадбиркор ҳам давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига ҳисса қўшади. Қолаверса, мазкур ҳолат муайян ишлар бўйича суд муҳокамаси муддатини қисқартиришга кўмаклашиб, фуқароларнинг ишларини оқилона муддатларда кўриб чиқиш ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолати бўлади.

       Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ судлар мустақил ва фақат қонунга бўйсунишини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини барча судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллаш орқали инсон ҳуқуқларини самарали ва ўз вақтида ҳимоя қилишни, шахс, жамият ва давлат манфаатларининг уйғунлигини яратиб, жамиятнинг судга бўлган ҳақиқий ҳурматини таъминлайди, бу эса жамият ва шахс ҳаётининг асосий соҳаларини тартибга солувчи конституциявий нормаларнинг аҳамияти ва устуворлигининг исботи бўлади.

Тошкент туманлараро маъмурий суди судьялари

Иноятова Зиёда Тулкуновна ва

Пўлатов Дилмурод Тожимурот ўғли

Бугун Андижон вилоятида ташкил этилган оммавий сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича мурожаатлари эшитилди.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов бошчилигида ўтказилган қабулда 89 нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатларнинг 69 таси жиноят, 11 таси фуқаролик, 4 таси иқтисодий ҳамда 5 таси маъмурий судловга тааллуқлидир.

Уларнинг 40 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 13 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинди. Фуқароларнинг 36 та мурожаати қаноатлантирилди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда оммавий сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда.

Олий суд томонидан Наманган вилоятининг Наманган туманида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов бошчилигида бўлиб ўтган қабулда 152 нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатларнинг 108 таси жиноят, 29 таси фуқаролик, 6 таси иқтисодий ҳамда 9 таси маъмурий судловга тааллуқлидир.

Уларнинг 51 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 20 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинди.  81 та мурожаат қаноатлантирилди.

СЕРГЕЛИ ҲОКИМЛИГИДА БЎЛИБ ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Тадбирда дастлаб Сергели тумани ҳокими Э.Шукуров ҳамда Тошкент шаҳар прокурори Э.Йўлдошев Сергели тумани ҳокимлиги биносига ташриф буюрган фуқароларни сайёр қабул тартиби билан таништирди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар маъмурий суди, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси,МИБ, солиқ бошқармаси раҳбарлари ўзларига ажратилган жойларда фуқароларни қабул қилишни бошлади.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжақулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси М.Маҳмудов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –  иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғ.Эргашев,  жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди раиси Ф.Хикматуллаевлар томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича шикоятлари тингланди.

Таҳлил қилинадиган бўлса, фуқаролар мурожаатларининг 5 таси фуқаролик, 5 таси жиноят, 1 таси  маъмурий суд юритиш ишлари бўйича мурожаатларни ташкил этди.

Мурожаатларнинг 11 таси бўйича жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Бугун Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бошчилигида Хоразм вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Тадбир давомида 46 нафар фуқаронинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 16 таси жиноят, 18 таси фуқаролик, 6 таси иқтисодий ҳамда 6 таси маъмурий судловга оид мурожаатларни ташкил этди.

28 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 18 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Шу куни тақдимнома ва илтимосномалар асосида жазо ўтаётган 6 нафар шахс жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳужжатни тегишли эканлик фактларини аниқлаш юзасидан 4 нафар фуқаронинг мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, кредит масаласида мурожаат қилган 1 нафар фуқаронинг аризаси банк ходимлари иштирокида кўриб чиқилиб, тарафлар ўртасида келишув битими тасдиқланганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган беш нафар вояга етмаган фарзанди бўлган 2 та оила яраштирилди.

Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан 178 та иқтисодий ишлар кўрилиб, 158 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилди ва даъвогарлар ҳисобига 2 085 767 295 сўм ундирилиши белгиланди. Шундан 47 таси тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари бўлиб, уларнинг фойдасига 1 538 207 252 сўм ундирилиши белгиланди.

Сайёр қабулда мурожаатлари ечим топган 7 нафар фуқаро Олий суд раиси номига ёзма ташаккурнома билдирди.

Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан 2024 йилнинг 2-чорагида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият таҳлили

Жумладан, 2024 йилнинг 2-чорагида Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясига жами 740 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб шундан 104 тасини қабул қилиш рад қилинган, 81 таси қайтарилган, 7 таси бошқа судга юборилган, 548 та  маъмурий иш кўриб чиқилган. Шундан  213 та иш қаноатлантирилган, 218 та иш рад қилинган, 40 та иш кўрмасдан қолдирилган, 77 та иш юритишдан тугатилган.

            Тошкент шаҳар маъмурий судига 2024 йилнинг 2 чорагида жами 189 та  апелляция шикояти келиб тушган бўлиб, 2 таси қабул қилиш рад қилинган, 20 таси қайтарилган. Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 2024 йилнинг 2 чорагида жами  167 та апелляция шикояти кўриб тамомланган бўлиб, шундан  138 та иш ўзгаришсиз қолдирилган, 22 та иш бекор қилинган, 1 та иш кўрмасдан қолдирилган,  6 та иш апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган шикоят (протест)лар ҳисобланади.

           Тошкент шаҳар маъмурий судига жами  77 та кассация шикояти келиб тушган бўлиб,  4 таси қабул қилиш рад қилинган,  5 таси қайтарилган. Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 2024 йилнинг 2 чорагида жами  68 та кассация шикояти кўриб тамомланган бўлиб, шундан 52 та иш ўзгаришсиз қолдирилган, 15 та иш бекор қилинган,  1 та иш апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган шикоят (протест)лар ҳисобланади.

           Тошкент шаҳар маъмурий судига жами 109 та тафтиш шикояти келиб тушган бўлиб,  4 таси қабул қилиш рад қилинган,  10 таси қайтарилган. Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 2024 йилнинг 2 чорагида жами  95 та тафтиш шикояти кўриб тамомланган бўлиб, шундан 87 та иш ўзгаришсиз қолдирилган,  7 та (шундан:  4 та биринчи инстанция судининг қарори бекор қилинган,  1 та биринчи инстанция судининг қарори ўз кучида қолдирилган,  2 та апелляция инстанцияси судининг қарори бекор қилиниб, қайтадан кўриб чиқиш учун апелляция инстанциясига юборилган) иш бекор қилинган,  1 та иш тафтиш инстанциясида иш юритиш тугатилган шикоят (протест)лар ҳисобланади.

ПОЙТАХТДА ОЛИЙ СУД РАҲБАРИЯТИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ

Бугун Тошкент шаҳар Сирғали тумани ҳокимлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари И. Муслимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан пойтахт аҳолиси учун суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ўтказилди.

Унда  Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарлари И.Муслимов ва Ш.Полвановлар ҳамда судьялар А.Элмурадов, Р.Мадумаров, Б.Тангабаев, А.Аяпов, Ш.Болиев, Р.Хайдаровларлар томонидан  суд-ҳуқуқ масалаларида муаммоси бўлган фуқаролар қабул қилинди.

Сайёр қабулда жами  151 нафар фуқаролар мурожаатлари тингланди.

Таҳлил қиладиган бўлсак, шундан 87 нафар фуқаро жиноят ишлари бўйича мурожаат қилган.  49 нафар  киши фуқаролик ишлар бўйича,  8 нафар фуқаро  маъмурий ишлар бўйича, 7 нафар фуқаро эса иқтисодий судларга ўз муаммолари билан мурожаат қилган.

Сайёр қабулда  116 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаатига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 35 нафар  фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилиб олинди.

Тааллуқлиги бўйича Олий судга тегишли тафтиш тартибида 4 та шикоят қабул қилиниб, назоратга олинди.

Сайёр қабулда 2 нафар фуқаро томонидан суд органлари фаолияти юзасидан ташаккурнома билдирилди.

ЯШНОБОД  ТУМАНИ «ИШГА МАРҲАМАТ» МОНО МАРКАЗИДА БЎЛИБ ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Хабар қилинганидек, бугун Яшнобод тумани Амир Темур маҳалласида жойлашган «Ишга марҳамат» моно марказ биносида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг сайёр қабули ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Сайёр қабул учун бежизга Моно марказ биноси танланмади, чунки янгидан қурилган бу маскан ҳар томонлама фуқароларни қабул қилиш учун қулай эди. Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари белгиланган вақтдан барвақт Моно марказга етиб келишди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси , солиқ, адлия, мажбурий ижро бюроси ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ўзлари учун белгиланган жойлардан ўрин олишди.  Бу галги сайёр қабулда Яшнобод, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб,  сайёр қабулда турли масалалар бўйича ечимини излаб келган фуқароларни кўриш мумкин эди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедовлар суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташриф буюрган фуқароларнинг шикоятларини тинглади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди раиси Б.Алимов, Миробод, Мирзо Улуғбек тумани суди судьялари, туманлараро фуқаролик суди судьялари, иқтисодий суд судьялари ҳам ҳозир бўлишди.

Сайёр қабулда суд қарорларидан норози бўлиб келган 12 нафар фуқаро мурожаати эшитилди. Мурожаатларнинг 4 таси фуқаролик, 5 таси жиноят иши, 3 таси маъмурий ишлар бўйича бўлиб, судлар раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилди. Вақт талаб этадиган аризалар назоратга олинди. Мурожаатларнинг 12 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.Хулоса қилиб айтганда, белгиланган режа асосида ўтказилаётган бу сайёр қабулларда фуқараолар мавжуд муаммоларга ечим топмоқда, айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилмоқда, ҳуқуқий маслаҳат олиб, қонуннинг тўғри қўлланилиши бўйича зарур тушунчага эга бўлмоқдалар.  Бу тадбир аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги ошишига хизмат қилмоқда.

СЕРГЕЛИДА ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Бугун Сергели тумани ҳокимлигида ташкил этилган сайёр қабулда пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалалар бўйича мурожаатларни ўрганишди.

Жумладан сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Ёриев, Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси Н.Хидиров, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси З.Бобонов, жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси Б.Тошпўлатов, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Д.Дадаханова, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғ.Эргашев томонидан Сирғали, Янгиҳаёт, Бектемир туманлари аҳолиси қабул қилинди.

ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ ҲАҚИДА

23 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Тадбирда Ҳиндистон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикаси Олий судлари делегациялари иштирок этади.

Шунингдек, йиғилишда ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Беларусь Республикаси Олий суди, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси вакиллари қатнашади.

Тадбир давомида ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилади.

Skip to content