МАЪМУРИЙ СУДЛАР ВА ДАВЛАТ ИЖРОЧИЛАРИ: ҚОНУН ВА АМАЛИЁТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги 107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли мавзусида ўтказиб келинаётган семинар-тренингларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги семинар-тренингда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ низоларнинг судларда кўриб чиқилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди.
Тадбирда маъмурий судлар амалиётида ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросининг маълумотлар базасига киритилиши, ижро ҳужжатларини бирлаштириш, ижро варақаларини тиклаш ёки қайтадан қўзғатиш борасидаги муаммолар, ижрочи қарздорликни ҳисоблаб чиқиш жараёнида эътиборга олиши лозим бўлган масалалар юзасидан амалиётдан келиб чиққан ҳолда турли фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Айниқса, давлат ижрочиси қарздорнинг мол-мулкини баҳолатиш, унинг нархидаги тафовутлар, гаровга қўйилган пайтдаги нархи билан уни аукцион орқали сотиш жараёнида мулк нархининг арзонлашиб кетиши тадбиркорлар томонидан эътирозга сабаб бўлаётганлиги қизғин муҳокама қилинди.
Маъмурий судлар судьялари ва мажбурий ижро бюроси ижрочилари мавжуд муаммоларнинг ечими билан боғлиқ таклиф-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Семинар-тренингда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари, жойлардаги Мажбурий ижро бюроси органлари масъул ходимлари онлайн тарзда иштирок этишиб, муҳокамалар юзасидан ўзларининг фикрларини билдириб ўтишди.

Маъмурий судлар судьялари ва Монополияга қарши курашиш органлари масъул вакиллари иштирокида семинар тренинг

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 январдаги 107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 апрелида бошланган маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли мавзусида ўтказиб келинаётган семинар-тренингнинг навбатдаги 9 раунди бошланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари ва Монополияга қарши курашиш органлари масъуллари онлайн тарзда иштирок этишмоқда.

Семинар аввалида сўзга чиққан маърузачилар ўз мавзуларини бир қатор таҳлиллар ва амалиётдаги мисоллар асосида очиб беришди. Хусусан, Олий суд судьяси Ўткир Холовнинг “Монополияга қарши курашиш органлари қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги нутқи кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Маърузалар тугагач, семинар иштирокчилари ўзларини ўйлантираётган, амалиётда дуч келган бир қатор масала ва муаммолар юзасидан масъулларга мурожаат қилишди.
Хусусан, рақобатга қарши низолар бўйича суд амалиётида келиб чиқаётган энг долзарб масалалар ҳақида қизғин савол-жавоблар бўлди.

Дастлаб семинар иштирокчиларининг ваколатли орган томонидан рақобатга қарши қонунчилик бузилганлигига оид ишларни кўриб чиқиш муддатлари бузилган ҳолатларда кўрилган бўлса қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида, ундан ташқари мазкур ишлар ваколатли орган томонидан манфаатдор шахсларни жалб қилинмаган ҳолда кўрилган бўлса, судда низо қандай ҳал қилиниши кераклигига оид мурожаатларига аниқ жавоб берилди.

Ўз навбатида, мазкур семинар машғулотида Монополияга қарши курашиш қўмитаси масъул вакиллари томонидан ҳам амалиётда вужудга келаётган айрим муаммолар юзасидан фикр мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, қўмита ходимларининг судлар томонидан маъмурий орган қарорларини ишга эскпертлар, мутахассислар жалб қилинмаганлиги сабабли бекор қилиш ҳолатлари қанчалик асослилиги масаласидаги саволларига жавоб берилиб эксперт, мутахассисни жалб қилишдаги бош омил низони туб моҳиятини тўғри ҳал қилиш яъни ўша низони қонун талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилганлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Умуман олганда мазкур семинар машғулоти нафақат судьялар, балки ваколатли орган сифатида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари ҳамда бошқа иштирокчилар учун ҳам фойдали бўлди.

Skip to content