ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош вазирнинг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош прокурор, Конституциявий суд ва Судьялар ассоциацияси раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ҳамда Судьялар олий кенгаши, Адвокатлар палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Бозор ислоҳотларини изчил чуқурлаштириш, замонавий инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини шакллантириш шароитида тўловга қобилиятсизликни тўғри ҳуқуқий тартибга солиш масалалари, айниқса, долзарб бўлиб бормоқда. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини тўғри шакллантириш адолатни, ҳуқуқий ишончни ва тадбиркорлик фаолияти барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ушбу ишларнинг ўз вақтида, қонунда белгиланган тартибда, холис
ва қонуний ҳал этилиши иқтисодий йўқотишларни минималлаштириш, суиистеъмолликларнинг олдини олиш, корхоналар фаолиятини сақлаб қолиш ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш имконини беради. Таъкидлаш лозимки, тўловга қобилиятсизлик ҳуқуқий институтининг асосий мақсади нафақат иқтисодий барқарор бўлмаган субъектларни тугатиш, балки энг аввало, кредиторлар талабларини адолатли қондириш ва қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашни таъминлаш, имкон қадар қонун доирасида жараённинг бошқа иштирокчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Шу муносабат билан, суднинг вазифалари ишларнинг ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилишини, тиклаш тартиб-таомилларининг фаол қўлланилишини, ҳуқуқларнинг суиистеъмол қилинишини (банкротлик ёки сохта банкротликни яшириш) бартараф этиш ва иш юритишнинг барча босқичларида процессуал адолатлиликни таъминлашдан иборат.

2022 йил 13 апрелдан Ўзбекистонда илгари амалда бўлган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун ўрнига “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Янги қонун замонавий тўловга қобилиятсизлик институтининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.

Хусусан, Қонунда жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тартиби биринчи марта назарда тутилди. Шу билан бирга, Олий суд ва қуйи судларга келиб тушган материаллар таҳлили, шунингдек, суд амалиётининг сарҳисоби бу борада ҳуқуқни қўллашда муайян муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Олий суд Пленумининг бугун қабул қилинган “Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”гиқарориамалдаги қонунчилик ва суд амалиётини ҳар томонлама таҳлил қилишга асосланган бўлиб, ундаги қоидалар қонуннинг бир хил талқин этилишини таъминлаш, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишнинг барча иштирокчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ушбу муҳим соҳада одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган.

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.

Хусусан, 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Қабул қилинган Қонун билан рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳуқуқни қўлловчилар томонидан қайд этилган қонунни тўғри қўллаш, бу масалада барқарор суд ва тергов амалиётини шакллантириш мақсадида амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб эътиборга молик ҳолатлари юзасидан судлар учун ушбу масалаларда тегишли тушунтиришлар берилишини тақозо этди.

Шунга кўра, одил судловни амалга оширишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, судларда ягона амалиётни шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу Пленум қарори келгусида суд ва тергов органлари томонидан рақамли далилларни тўғри ва қонуний тарзда қўллаш тартибини белгилаш ҳамда рақамли ва электрон маълумотлар асосида мақбул ва номақбул далиллар тушунчасини янада кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ўз навбатида 2025 йил 9 апрелдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Оила кодексига қўшимча киритилиб, унга мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди.

Бундан ташқари, Уй-жой кодекси норма билан тўлдирилиб, унга биноан турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан турар жой мулкдорининг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни турар жой мулкдорига тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.

Шу муносабат билан Оила ва Уй-жой кодексига киритилган янги нормаларни амалиётда қўллаш юзасидан Олий суд Пленумининг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилиб, Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ва 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қабул қилинган қарордаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши орқали хотин-қизларимиз ва мулкдорларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ўзининг самарасини кўрсатиши билан бир қаторда судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона суд амалиётини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

«Энг яхши китобхон судья» – пойтахтлик судьяга насиб этди

Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон судья” танлови тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида белгиланган тадбирлардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари О. Исмоилов раислигидаги ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси Ўткирбек Соатов “Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиби деб топилди.

Тошкент шаҳар маъиурий судида бўлиб ўтган тадбир ғолибни тақдирлашга бағишланди. Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси Ў. Соатовга рамзий статуэтка ва совғаларни Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов тантанали суратда топширди. «Энг яхши китобхон судья» республика танловида биринчи ўринни олиш пойтахт судлари учун фахр эканлиги эътироф этилди.

Тадбирда судьянинг бундан кейинги фаолиятига эзгу тилаклар билдирилди.

СИРҒАЛИДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг жойларда сайёр қабулини ташкиллаштириш бўйича иш режасига асосан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган аҳоли учун  Нилуфар МФЙ биносида ўтказилган сайёр қабулда жами 11 нафар фуқаро қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 6 таси жиноят ишлари бўйича, 3 таси фуқаролик ишлар бўйича, 1 таси маъмурий ишлар бўйича, 1 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Сайёр қабулда 11 та мурожаатдан 7 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 4 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Яъни, жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 2 нафар, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган 2 нафар маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

«Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва Ўзбекистонда ҳуқуқий кафолатларнинг кучайтирилиши»

Янги Конституцияга мувофиқ суд тизими ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида ҳуқуқий асосни яратиш. Судлар ваколати ҳамда фуқароларнинг суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилган. Бу янги Конституцияда белгиланган нормаларга мувофиқ фуқаролик жамияти институтлари ва омбудсман фаолиятини ҳам ривожлантиришга татбиқ қилинмоқда. Фуқароларнинг суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти кенгайиб, суднинг мустақиллиги, мурожаат этиш эркинлиги ва суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлиги таъминланди. Конституциянинг янги таҳририга асосланиб, суд тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқларини кенгроқ ҳимоя қилиш ва омбудсман институтининг роли жадал кучайтирилди .

Қонун № ЎРҚ‑1067 Конституциянинг янги таҳриридан келиб чиққан ҳолда суд тизимини мустақиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва жамиятда ҳуқуқий тузумни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамдир.

Тошкент туманлараро маъмурий суди
судья ёрдамчиси

Алиев Убайдулло Олимжон ўғли

Перейти к содержимому