СУДЬЯ ХАЛҚ ЭЪТИРОФИГА ҚАНДАЙ ЭРИШАДИ

Судьялик жуда қадим замонлардан, инсоният тамаддунининг давлатчиликка асос солинган дастлабки даврларидан бошлаб шаклланган. Негаки, жамиятда инсонлар ижтимоий муносабатларга киришар экан, албатта, манфаатлар тўқнашади ва натижада низо келиб чиқади. Низо бор жойда эса уни бартараф этувчи қандайдир кучга эҳтиёж сезилади. Мазкур куч жамиятда қабул қилинган қонун нормалари бўлса, уни талқин қилиш ҳамма замонларда ҳам судьялар зиммасига тушган.

Шу нуқтаи назардан судьяларнинг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Ҳамма даврларда ҳам унинг ким эканлиги, қандай илмий салоҳиятга эгалигидан ташқари, қандай шахсий фазилатларга эгалиги ҳам муҳим аҳамият касб этган. Судьялик лавозимига қонунчиликни мукаммал ўзлаштириб, уни чуқур таҳлил қила олиш лаёқатига эга бўлган, жамиятдаги юксак обрў-эътиборли шахслар орасидан танлаб олинган.

Мусулмон давлатларидаги шариат қонунчилиги билан ишловчи қозиларга ҳам, уйғониш даври Европа мамлакатларидаги судьяларга ҳам одамлар томонидан фақат ва фақат битта талаб бўлганки, у ҳам бўлса адолатли қарор қабул қилишдир. Замонлар ўтиб, инсоният тарихида мисли кўрилмаган ўзгаришлар, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг тараққий этиши, инсонлар яшаш даражасининг қўтарилиши, шу билан бирга ижтимоий муносабатларнинг кескинлашиши кузатилаётган йигирма биринчи асрнинг қарийиб чорак қисми ўтаётган бугунги куннинг асосий талабларидан бири ҳам фақат ва фақат адолатнинг қарор топишидир. Шундан ҳам англашимиз мумкинки, адолатга бўлган интилиш ҳеч қачон йўқолмайди ва йўқолмаслиги ҳам керак. Демак, судьяга, унинг фаолияти ва шахсига бўлган талаб ҳам кун сайин ошса ошадики, асло камаймайди.

Бу масалада судьянинг мустақиллигига, унинг алдолатли қарор қабул қилишига монелик қиладиган ҳар қандай ҳолатларни бартараф этиб ва халқ орасида суднинг фақат жазоловчи эмас, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи орган эканлигини намоён қилишга ҳаракат қилиняпти.

Халқнинг бундай эътирофига эришиш учун, шундай мавқеда қолиш учун бугунги куннинг судьясидан жуда катта билим ва тажриба, фидокорлик ҳамда касбига содиқлик талаб этилади. Шу ўринда мамлакатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни жоиз деб биламан: “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради. Улар учун ягона ва энг қаттиқ талаб – бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига ҳизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат.” Дарҳақиқат, киши судьлик лавозимига эришар экан, уни лавозим ёки касб деб эмас, балки турмуш тарзи сифатида қабул қилиши, унга билдирилган ишончни оқлаш учун адолатни дастуруламал қилган ҳолда яшаши лозим бўлади.

Буюк мутафаккир, ўзининг тариқатига асос солган Баҳовуддин Нақшбанд таъбири билан айтганда ўз нафсини эллик марта сув олдига олиб бориб сув ичмасдан қайтара оладиган даражадаги судьялар шаклланиши лозим. Бу ўз ўрнида жамиятнинг иллатларидан бири бўлган коррупцияни олдини олишга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимояланишига, бир сўз билан айтганда жамиятда адолат ва қонун устуворлиги таъминланишига олиб келади. Келажаги буюк бўлган, учинчи ренессанс даврини бошидан кечираётган Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, унинг инвестицион жозибадорлиги ҳам айнан адолат ва қонун устуворлиги қай даражада эканлигига боғлиқлиги бугунги кун учун сир эмас.

Жамиятдаги фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари, давлатнинг келажагига қайсидир маънода боғлиқликни юксак бир фахр ва масъулият билан ҳис қилган ҳолда, бу борада фаолият юритаётган судьяларнинг 200 нафарга яқини айнан аёл судьялардан иборат эканлиги жамиятдаги аёлларнинг ютуғи десак муболаға бўлмайди. Негаки, адолат ва эзгулик тимсоли бўлган аёл зоти, аввало, она эканлиги, унинг фарзандлар келажаги учун ҳар қандай фидокорликка тайёр эканлиги исбот талаб қилмайдиган аксиомадир.

Албатта, ҳеч ким судья бўлиб туғилмайди, лекин шу даражага етганидан кейин, унинг, мантияни кийиб суд залида суд жараёнини олиб боришидан то маҳалла-кўйда, қариндош-уруғлар орасида ҳам ўзини тутиши, ҳатто фарзандлар тарбиясида ҳам амал қилиши лозим бўлган жиҳатлар мавжудки, бу ўз-ўзидан судьялик касб эмас, унинг турмуш тарзи эканлигининг исботидир.

Н.Кенжаева,
Тошкент туманлараро
маъмурий судининг судьяси