МАЪМУРИЙ СУДЛАР ВА ДАВЛАТ ИЖРОЧИЛАРИ: ҚОНУН ВА АМАЛИЁТ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги 107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли мавзусида ўтказиб келинаётган семинар-тренингларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги семинар-тренингда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ низоларнинг судларда кўриб чиқилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди.
Тадбирда маъмурий судлар амалиётида ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросининг маълумотлар базасига киритилиши, ижро ҳужжатларини бирлаштириш, ижро варақаларини тиклаш ёки қайтадан қўзғатиш борасидаги муаммолар, ижрочи қарздорликни ҳисоблаб чиқиш жараёнида эътиборга олиши лозим бўлган масалалар юзасидан амалиётдан келиб чиққан ҳолда турли фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Айниқса, давлат ижрочиси қарздорнинг мол-мулкини баҳолатиш, унинг нархидаги тафовутлар, гаровга қўйилган пайтдаги нархи билан уни аукцион орқали сотиш жараёнида мулк нархининг арзонлашиб кетиши тадбиркорлар томонидан эътирозга сабаб бўлаётганлиги қизғин муҳокама қилинди.
Маъмурий судлар судьялари ва мажбурий ижро бюроси ижрочилари мавжуд муаммоларнинг ечими билан боғлиқ таклиф-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Семинар-тренингда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари, жойлардаги Мажбурий ижро бюроси органлари масъул ходимлари онлайн тарзда иштирок этишиб, муҳокамалар юзасидан ўзларининг фикрларини билдириб ўтишди.